Ringly компанияси жисмоний фаолликни назорат қилувчи ва хабарларини қабул қилувчи Aries «ақлли» билагузугини намойиш этди. Билагузук замонавий гаджетдан кўра кўпроқ заргарлик буюмига ўхшайди. Мазкур «фитнес-тақинчоқ»ни буюртма бериш йўли орқали 195 долларга сотиб олиш мумкин.

Харидорлар икки хил (S/M ёки M/L) ҳажмдаги билагузукни танлаш имкониятига эга бўлишади. Бундан ташқари, унинг тўрт турдаги ярим қимматбаҳо тошлар – лабрадорит, кварс биллур, камалакли оқ морита ва ложувард билан безалган кўринишлари ҳам мавжуд. Бу янгиликка биринчи бўлиб буюртма берган минг нафар харидорга эса компания Aries’га ҳақиқий олмос ўрнатиб беради.

Билагузук қадамларни, босиб ўтилган масофаларни (ҳаттоки, баланд пошналарда ҳам) ва ишлатилинган калорияларни ҳисоблаш қобилиятига эга. Шунингдек, у ўз эгасини смартфонларга келган янги хабарлардан огоҳ этади. Aries тақинчоғи Bumble, Slack, Snapchat, Uber, оддий смслар ва бошқа юзга яқин дастурларни қўллаб-қувватлайди.

Қурилма 4 соат ичида тўлиқ қувват олиб бўлади, бир марта олинган қуввати эса 24-28 соатга етади, деб қайд қилди Ringly компанияси. Aries ёз ойидан сотувга чиқарилади.

2014 йилда Ringly аёллар учун смартфонларга келган хабарлардан огоҳ этувчи смарт-узукни тақдим этган эди. У бармоқларни қимирлатиш ва рангли диодларни милтиллатиш орқали эгасига сигнал беради.