Ипотека ғавғоси: миллионларга куйиб қолган аёл

Жамият 30 Март 2016 579

Уй-жой олиш учун ишхонаси ипотека кредити ажратилишида ёрдам бериши ҳақидаги хабарни эшитганида Ойгур Нормуродова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) уй олган кишидек хурсанд бўлди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Шу ўй билан Ойгул нафақадаги дугонаси Қундуз Пирматова билан маслаҳатлашиш мақсадида учрашди. Дугонаси “Лавитта” ресторани олдида жойлашган кўп қаватли уйда сотиладиган хонадонни бориб кўришга рози бўлгач, дугоналар рекламада айтилган манзилга бориб уйни кўришади.

Бу масалада Ойгулга ўзини Жамшид деб таништирган бир йигит ёрдам қилмоқчи бўлади. Аёл бунга рози бўлади. “Тўқимачи” бозори атрофида жойлашган кўчмас мулк билан шуғулланадиган Михаил исмли киши билан таништирганида ҳам Ойгулни кўнглида бу йигит алдаб кетсачи, деган фикр пайдо бўлмади.

2012 йилда Жамшид ипотека кредити олиб бераман деб аёлдан 40 млн сўм олади. 2013 йил 12 февраль куни фирибгар йигит яна ўн миллион сўмни Ойгулнинг онасидан олиб кетади.

2013 йил 15 февраль куни ҳожатбарор йигит Россия Федерациясига кетгани, уни кимдир 120 миллион сўмга туширгани ҳақидаги хабар Ойгул Нормуродовани ҳушёр торттиради. Фирибгар тузоғига тушган аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этади.

Жамшид Юлдашевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилади. Қидирув ҳаракатлари натижасида Ж.Юлдашев Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамкорлигида ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинади.

Суд ҳукми билан Ж.Юлдашев Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, 4 йил-у 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва етказилган зарарларни тўлиқ тўлаш мажбурияти ҳам юклатилди.

Кўпроқ янгиликлар