Касбида ота маст ўғлини бехосдан ўлдириб қўйди

Жамият 30 Март 2016 431

Обиджон 6 нафар фарзандининг тўнғичи Эркинжоннинг феъли бироз тажанглигини яхши биларди. Аммо улғайса қуйилиб қолар, дея доим раъйига қаради. Эркинжон Қарши шаҳрида турли юмушларни бажариб пул топса-да, отасидан ҳам пул сўраб жанжалга баҳона изларди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Онасининг вафотига гўёки отаси айбдордек, кунора у билан тортишарди. Ўша куни ҳам шундай бўлди. Обиджон эрталаб машинасини таъмирлатиш учун Қарши шаҳрига келди. Кун бўйи устахонада қолиб кетди. Уйга қайтганида қоронғи тушган эди. Иккинчи ўғли Олимжонга молларга хашак беришини тайинлади. Кейин овқатландида, дам олиш мақсадида ётиққа бош қўйди.

Эшикнинг тарақлаб очилишидан отанинг хаёли қочди. Илкис ўрнидан қўзғалди. Эшик олдида Эркинжон ғазабнок нигоҳлари билан унга тикилиб турарди. У маст эди.
Сўнгра у отасини ҳақоратлай бошлади. Обиджон ўғлининг ҳаракатларини кузатиб тураркан, ҳозир унга гапиришнинг фойдаси йўқлигини, унга қарши гап айтса, жанжал жиддий тус олишини яхши биларди.

Отасининг бу тарзда босиқлик қилиши унинг баттар жаҳлини чиқарди. Кутилмаганда унга ташланиб, ичкари хонага тортқилай бошлади. Ота дастурхон четида турган пичоқни олиб ўғлини қўрқитмоқчи бўлди. Аммо Эркинжон отасининг юзига мушт тушириб, уни ерга қулатди. Кейин эса энгашиб отасини судрамоқчи бўлганида, кўксига бир нима санчилгандек бўлди.

Ота қўлидаги пичоқни томга улоқтирди. Тезда кийимларини алмаштириб, Эркинжонни машинасига солди. Лекин унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Обиджон одамзод кўтара олмайдиган юк, яъни ўз фарзандининг қотили деган оғир юкнинг остида қолди.

Жиноят ишлари бўйича Касби тумани суди томонидан Обиджон Мустафоқуловга ушбу жинояти учун 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Кўпроқ янгиликлар