Samsung Хитой бозори учун мўлжаллаб чиқарган янги смартфон Galaxy A9 смартфонининг яхшиланган версияси Galaxy A9 Pro эканлиги маълум бўлди. Смартфон 6 дюймли, 1920х1080 пикселли Super AMOLED-дисплейи, 1,8 ГГц такт частотасига эга 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 652 процессори, 4 Гб тезкор хотира ва 32 Гб ли ички хотира билан жиҳозланган.

Қурилма, шунингдек, 5000 мА-соат сиғимли аккумулятор, иккита SIM-карта учун разъём (слотлардан бири гибрид бўлиб, microSD хотира картаси билан биргаликда ишлатилиши мумкин), 16 Мп ли асосий ва 8 Мп ли фронтал камера билан жиҳозланган. Смартфон Android 6.0.1 Marshmallow операцион тизими ва TouchWiz UI дастури остида ишлайди.

Стандарт Galaxy A9 нархи ўз вақтида 487 долларга яқин баҳоланган. Янги смартфон бир оз қимматроқ – 549 долларга яқин туради. Смартфон пушти, пушти-тилларанг ва оқ рангли корпусларда таклиф қилинади.