Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан “Тинчлик, осойишталик ва барқарорлик – жамият тараққиётининг муҳим омили” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

– Дунёда экстремизм ва терроризм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги глобаллашув даврида халқимиз, айниқса, ёш авлодни турли иллатлар таъсиридан асраш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда, – дейди партиянинг Сурхондарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари А.Рўзиев. – Ана шу мақсадда чекка туман ва қишлоқларда ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, ёшларни мустақил фикрлайдиган юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашда давлат ташкилотларига кўмаклашмоқдамиз.

Қумқўрғон туманида ўтказилган тадбирда партия дастурида белгиланган вазифалар доирасида маҳаллаларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини юксалтириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш каби қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди. Диний экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари акс этган ҳужжатли фильм намойиш этилди.