Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 15-оилавий поликлиникаси замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда ташхис қўйиш, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, даволаш, эмлаш ишлари ўз вақтида сифатли амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ ҳомиладор аёлларни асраб-авайлаш, ёш оналар ва болаларни парвариш қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хотин-қизлар, оила қураётган йигит-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Санитария-гигиена соҳасидаги ишларни кучайтириш, тўғри овқатланишни тарғиб этиш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

– Поликлиникамиз ўнта маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатмоқда, – дейди оилавий поликлиника бош шифокори Ш.Турсиметова. – Касалликларнинг олдини олиш ва оилаларда тиббий маданиятни ошириш фаолиятимизнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Аҳоли, жумладан, фертиль ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар ойда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Муассасамизни таъмирлаш ва янги асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун жорий йилда 130 миллион сўм маблағ ажратилди.

Туғиш ёшидаги аёллар мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилаётгани натижасида экстрагенитал касалликлар эрта аниқланиб, ўз вақтида даволанмоқда. Ҳомиладорларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича оила шифокори, патронаж ҳамшира ва тиббиётнинг ўндан кўпроқ йўналиши бўйича мутахассислар ҳамкорлиги йўлга қўйилган. «Соғлом бола» хонаси, «Ёш оналар» мактаби ҳам ташкил этилган. Бу мактабларда оила шифокори бўлажак оналарга рационал овқатланиш, гигиена, туғруққа тайёрлаш ҳамда туғруқдан кейинги бола парвариши борасида машғулотлар олиб бормоқда.

Оилавий поликлиника шифокорлари соғломлаштириш тадбирларини ташкил этишда маҳалла билан доимий ҳамкорлик қилмоқда.