Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби собиқ бош мураббийи сэр Алекс Фергюсон ёзда «Манчестер Сити» бошқарувини қўлга оладиган «Бавария» устози Хосеп Гвардиоланинг фаолиятини алоҳида эътироф этиб ўтди, бироқ испаниялик мутахассиснинг янги жамоада муаммоларга дуч келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

«Шубҳасиз, Гвардиола – ҳақиқий меҳнатсевар ва буни у ҳар бир шогирдидан талаб қилади. Кимдир «Сити»да жуда юқори даражада ишламаса, жамоада узоқ вақт қола олмайди. «Манчестер Сити» жуда катта харидни амалга оширди. Бироқ Пепга Англияда осон бўлмайди, инглиз футболи шунчаки футбол эмас.

Чет элдан Англияга ишлашга келган ҳар бир мураббий бу гапимни тасдиқлаши мумкин. Бу ҳақда Арсен Венгер, Жозе Моуриньо ҳам гапиришган. Пеп муваффақият қозониши мумкин, аммо «шаҳарликлар» билан «Барселона»да амалга оширган ишларини қила олади деб ўйламайман. Бу ўзига хос бир эталон давр эди, улар дунёнинг энг кучлиси бўлишганди», дейди Фергюсон.