Чет элга кетган америкалик Далтон Росс онаси Сьюзан Тэллига ўзининг картондан ясалган катта суратини жўнатди. Бу суратда Далтон худди ўзи “жонли” тургандек кўринади. Бу ҳақида Metro хабар берган.

22 ёшли Росс Буюк Британиянинг Вестминстер университетидаги таҳсили туфайли АҚШни тарк этди. У онаси соғиниб қолмаслиги учун ўзининг картондан ясалган нусхасини юборган.

Совғани қабул қилган Тэлли янги “ўғли” билан тушган суратларини тармоқларга жойлаштира бошлади. Суратларда Барби билан танишув, кучук билан фрисби ўйини, Subway кафесига ташриф, баскетбол ўйинига бориш ва бошқа турли оилавий учрашувлар акс эттирилган.

"Картондаги нусха худди жонли Далтондек яшашни бошлади. Далтоннинг ўрнида бўлганимизда, биз аллақачон хавотирга тушган бўлардик”, - дея ёзади газета.

Росс The Huffington Post нашрига берган интервьюсида онасини юбораётган совғаси ҳақида огоҳлантирмаганини айтиб ўтган. Тэлли ҳам ўз навбатида ўғлининг картонли нусхаси билан юз бераётган саргузаштлар ҳақида Далтонга айтмай, фейбукдаги махсус альбомга суратларни жойлаштира бошлаган.