Мамлакатимизда, АҚШ Меҳнат вазирлигининг делегацияси меҳмон бўлиб турибди. Унга, Америка Меҳнат вазири ёрдамчисининг ўринбосари Эрик Биль раҳбарлик қилмоқда.
Жорий йилнинг 29 март куни Эрик Бильнинг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири А.Абдуҳакимов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Америка томони ташаббуси билан, дўстона руҳда бўлиб ўтган мулоқот чоғида, Меҳнат вазири Абдуҳакимов Ўзбекистон президенти И. Каримов фармонига кўра, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги Меҳнат вазирлиги сифатида қайта тузилгани ҳақида америкалик суҳбатдошини хабардор қилган. Фармонга кўра, Аввалги вазирликнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доир вазифаси Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам бериш ва тайинлаш мажбурияти Молия вазирлигига берилган. Шу муносабат билан, Меҳнат вазирлиги эндиликда, фақат меҳнат ва аҳоли бандлиги, меҳнат хавфсизлиги, меҳнат ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнатга ҳақ тўлаш усуллари ва бошқа бир қатор масалалар билан шуғулланади.

Республикада ҳалқаро меҳнат стандартларига риоя қилишни таъминлаш чора-тадбирларига тўхталар экан, Абдуҳакимовнинг қайд этишича, 2014-2016 йилларда Ўзбекистон республикасида муносиб меҳнат тўғрисида махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистон ратификация қилган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари ва қонунчилик актларини ижро этиш чоралари тасдиқланган.

Аҳолини ҳукуматнинг шу соҳада амалга ошираётган сиёсатидан кўпроқ хабардор қилиш мақсадида, республиканинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида фаол ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Унга кўра, жамоат жойларда, маҳаллалар, соғлиқни сақлаш, умумий ва ўрта махсус таълим муассасаларида меҳнат қонунчилиги ва меҳнат ҳуқуқи поймол этилган ҳолларда қўнғироқ қилишлари учун ишонч телефонлари рақамлари ёзилган баннерлар тарқатилмоқда.

Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги томонидан www.fbm.uz (Feedback Mechanism) сайти яратилиб, у орқали ишчилар ва фуқаролар, ўз меҳнат ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Меҳнат ҳуқуқий назорати давлат инспекциясига мурожаат қилишлари ҳам мумкин.
Ижобий ўзгаришлар суръатларини алоҳида қайд этган А. Абдуҳакимов, 2015 йили мамлакатда учинчи томондан ўтказилган Мониторинг натижаси, пахта терими вақтида республика меҳнат қонунчилиги бузилишига йўл қўйилмаётганини кўрсатган.

Учрашув ниҳоясида, Э.Биль қабул учун ташаккур изҳор қилар экан, Ўзбекистоннинг нафақат халқаро ташкилотлар, АҚШ Меҳнат вазирлиги билан ҳам ижобий ва конструктив ҳамкорлик қилаётганини эътироф этган. У шунингдек, Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Мулоқот якунларига кўра, Америка томони, икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга тайёрлигини изҳор қилган.