Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани “Сарабий” овул фуқаролар йиғинида “Саломатлик секторлари” фаолиятини янада ривожлантириш масаласига бағишлаб тадбир ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикасидаги шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари раислари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Соғлом она – соғлом бола” миллий моделининг самаралари, аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, “Саломатлик секторлари”нинг фаолиятини ташкил этиш, патронаж ишларини амалга оширишда тиббиёт муассасалари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ва даволаш-диагностика чора-тадбирларини янада кучайтириш масалалари атрофлича таҳлил этилди. Эришилаётган ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар, уларни ҳал этишда патронаж хизмати зиммасида турган вазифалар хусусида фикр алмашилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.