Ушбу кунларда Россиянинг «Моя планета» телеканалидан «Каракалпакия: сквоз пески времен» (Қорақалпоғистон: Давр қумлари орасидан) номли янги ҳужжатли фильм намойиш этилмоқда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати хабар бермоқда.

1 соатлик 7 бобдан иборат ушбу фильмда Қорақалпоғистоннинг бой маданий-тарихий мероси, муҳим аҳамиятга эга археологик топилмалари, сайёҳлик масканлари, табиати, ҳудудда амалга оширилаётган буюк бунёдкорлик ишлари ҳамда йирик индустриал салоҳияти ҳақида кенг қамровли қизиқарли маълумотлар тақдим этилади.

Фильмда, шунингдек, Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик офатнинг ҳукумат томонидан қандай қилиб бартараф қилинаётганлиги ва бу ерда яшовчи халқларнинг табиий фожиа билан қандай курашаётганлиги алоҳида таъкидланади.

Фильм халқаро «Eриелл Гроуп» нефтьесервис компаниясининг қўллаб-қувватлаши ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг ҳамкорлигида тасвирга олинган.