Тошкент ҳайвонот боғи кўнгилли бўлиш истагида бўлганлар учун аризалар йиғиш бошланганлигини эълон қилди. Бу ҳақда боғнинг фейсбукдаги саҳифаси хабар беради

“Биз учун севимли бўлган ҳайвонот боғида қилиниши лозим бўлган ишлар қалашиб кетди. Шу сабабли биз кўнгилли бўлиш истагидаги кишиларни ёрдамга чақирамиз. Вазифа ва режаларимиз жуда кўп. Агар сиз жониворлар ҳаётига бефарқ бўлмасангиз, сизга жамиятга фойда ва яхшилик келтириш ғояси манзур бўлса, биз сизларни кутамиз”, - дейилади хабарда.

Кўнгилли бўлиш учун ўзингиз ҳақингиздаги шахсий маълумотлар киритилиши лозим бўлган махсус сўровномани тўлдиришингиз керак бўлади.

Ҳайвонот боғи ҳодимларининг таъкидлашича, энг ёш кўнгиллилар учун табиатшунослик тўгараклари, катта ёшдагилар учун эса қисқа таълим курси ташкил этилади.
Тошкент ҳайвонот боғига 1924 йилда асос солинган. 1997 йилда боғ янги жой – Ботаника боғи ҳудудига кўчирилган. Унда 390 турдаги 7 мингга яқин жонзот мавжуд.