Элшод Расулов принципиал рақибидан устун келиб Ўзбекистон терма жамоасига тўртинчи олтин медални келтирди

Спорт 01 Апрель 2016 921

Хитойнинг Куинан шаҳрида бокс бўйича XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун ўтказилаётган Осиё ва Океания қўшма лицензион чемпионатида бугун ўтказилган финал жангларида рингга кўтарилган 4 нафар ўзбекистонлик боксчининг барчаси ғалаба қозонди.

Оғирлик вазни 81 кг.гача бўлган боксчилар мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Элшод Расулов 2012 йилда Лондонда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг кумуш медаль совриндори, қозоғистонлик Адилбек Ниязимбетовни мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлган. Қайд этиб ўтиш жоиз, қозоғистонлик боксчи ва Элшод ўртасида мазкур вазн тоифасида узоқ вақтлардан буён ўзаро қарама-қаршилик муросасиз кечиб келади.

Бироз олдинроқ Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ва Шахрам Ғиясовни (-69 кг) ўз вазн тоифаларида биринчи ўринни эгаллаганликлари ҳақида хабар берилганди.

Шу тариқа, биринчи кун бўлиб ўтган финал мусобақаларидан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида 4 та олтин медаль мавжуд.

2 апрель куни ўтказиладиган финал жангларида Ёдгорой Мирзаева (-51 кг) хитойлик Канкан Рен билан, Рустам Тўлаганов (-91 кг) хитойлик Фенгкай Ю билан ва ниҳоят Баҳодир Жалолов (+91 кг) қозоғистонлик Иван Дичко билан баҳс юритади.

Кўпроқ янгиликлар