Электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla Motors компанияси етакчиси Илон Маск бошқа моделларга нисбатан бирмунча арзон янги Tesla 3 русумли машинани намойиш этди. Унинг нархи 35 минг АҚШ долларидан бошланади. 

Дастлаб электромобиль экранда намойиш этилган, шундан сўнг улардан бир нечтаси саҳнага олиб чиқилган.

Янги машинани келаси йилдан автомобиль салонларида кўриш, ҳозирча эса, унга буюртма бериш мумкин.

Маскнинг маълум қилишича, Tesla 3 бир маротаба қувват олгач, 350 км масофани босиб ўта олади. Журналистларнинг эътироф этишларича, ушбу модель, нафақат родстер, балки кроссовер ҳам қуриш имконини берувчи платформага эга.