Баҳор ва ёз мавсуми келиши ҳамда кунлар исиши билан киши кўнгли енгил овқатлар ва яхна шарбатларни тусаб қолади.

Бунда, уларни тайёрлаш жараёнида айрим эҳтиёт чораларини унутмаслик лозим бўлади. Масалан, лайм, лимон ва шу каби цитрус мевалар фитофотодерматитни келтириб чиқариши мумкин. Кўпчилик цитрус мевалардан таом тайёрлаганда ўзлари билмаган ҳолда ушбу хасталикка дуч келишади. Мабодо, сиз қўлингиз ёки танангизнинг бошқа қисмида қолган цитрус мева юқини яхшилаб ювиб ташламай кўчага чиқсангиз, бир неча дақиқада қуёш куйдириши юз беради. Тери ҳолати тезда ёмонлашиб, қорайиб кетади.

Морган Мур фитофотодерматитнинг аччиқ оқибатини ўз бошидан кечирганлардан биридир. У барбекюга шарбат тайёрлаётган вақтда шундай хасталикка дуч келган. У лаймни сиқиб, қўлини яхшилаб ювмай кўчага чиққан. Шарбатнинг ультрафиолет нурларига сезгирликни ошириб юбориши, қуёш куйдириши ва қўл терисининг ўлишига олиб келган. Терининг тўлиқ тикланиши олти ҳафта давом этган.

Морганнинг айтишича, у лаймни сиққач, қўлини енгилгина чайиб кўчага чиққани туфайли шундай нохуш ҳолатга дуч келган. У ҳовлида 30 дақиқа юрган бўлсада, унинг аянчли оқибати ёдидан кўтарилмаслигини айтар экан, умрида бундай кучли оғриқни ҳис қилмаганини таъкидлаган.

Шундай экан, мабодо сиз ҳам цитрус меваларидан бирон егулик ёки ичимлик тайёрласангиз, қўлингизни зудлик билан яхшилаб ювинг. Сўнгра кўчага чиқиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, қуёш нуридан ҳимояловчи кремлар суртиш ҳам фойдадан холи эмас.