5 апрель куни Европанинг икки йирик шаҳрида, Германиянинг Мюнхен ва Испаниянинг Барселона шаҳарларида катта футбол учрашувлари ўтказилади.

Биринчи учрашувларда "Барселона" ўз майдонида "Атлетико"ни, "Бавария" эса "Бенфика"ни қабул қилади.

Бир неча кун оғир ўйин ўтказган "Барселона" "Камп Ноу"да яна бир жиддий баҳсда майдонга тушади. Айни пайтда Испания чемпионатининг биринчи ва иккинчи ўринларида кетаётган бу жамоалар ўртасидаги фарқ 6та очкони ташкил қилиб турибди.

Ўйин арафасида икки жамоа бош мураббийлари ва футболчилари матбуот анжумани орқали фикрларини билдириб ўтишган.

Луис Энрике: «Атлетико»га қарши биринчи ўйинда дарвозамиздан гол ўтказмаган ҳолда ғалаба қозонишимиз керак»

Жерар Пике: «Атлетико» – Испаниядаги иккинчи жамоа. Бизга класикодагидан ҳам қийинроқ бўлади»

Диего Симеоне: «Барселона»га қарши ўйинда сюрпризлар бўлиши эҳтимоли кам»

Диего Годин: «Биз Мессинигина эмас, бутун «Барселона»ни тўхтатишимиз керак»

Бу жамоалар баҳсини германиялик Феликс Брих бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

"Альянз-Арена"да "Бавария" Португалиянинг биринчи рақамли жамоасига қарши чиқади.

Германияликлар нимчорак финалда жиддий синовдан ўтишди. "Ювентус"га қарши кечган баҳсларнинг иккисида ҳам 2:2 ҳисоблари қайд этилгач, қўшимча таймларда ғолиб аниқланди.

"Бенфика" ҳам "Зенит"га қарши ўйинларда қийинчиликка учради (1:0, 2:1).

"Бавария" Германия чемпионатида энг яқин таъқибчисида 5 очколик фарқ билан олдинда бормоқда. Жамоа ички чемпионатдаги охирги турда Риберининг голи эвазига "Айнтрахт"ни мағлуб этган.

"Бенфика" эса Португалиянинг энг кучли жамоаларидан бири "Брага"ни 5:1 ҳисобида таслим этган. Бу ўйиндаги голларга муаллифлик қилган Жонас ва Митрўғлининг мавсум давомида биргаликда урган голлари сони 50тадан ошди.

Ўйин арафасидаги матбуот анжуманида икки томон вакиллари ўз фикрларини билдиришди.

Хосеп Гвардиола: «Бенфика» ҳозир яхши ҳолатда. Мен «Бавария»ни бу тўқнашувда фаворит деб билмайман»

Мануэль Нойер: «Биз Жонас ва Митрўғлини диққат билан кузатишимиз керак»

Руй Витория: «Бизда «Бавария»га қарши ўйин олдидан ҳеч қандай қўрқув йўқ»

Андре Алмейда: «Гвардиола тўғри айтди, бизнинг ҳимоя чизиғимиз кучли»

Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланадиган бу ўйинни польшалик Шимон Марциняк бошчилигидаги ҳакамлар бошқаришади.

Жавоб ўйинлари 13 апрель куни Мадрид ва Лиссабон шаҳарларида ўтказилади.

6 апрель куни ҳам ЕЧЛнинг чорак финалидаги яна 2та ўйин "ПСЖ"-"Манчестер Сити" ва "Вольфсбург"-"Реал" жуфтликлари кўринишида бўлиб ўтади.