Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз нейрохирургиясида эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиаллари, энг олис туманлардаги бўлимларида ҳам нейрохирургия хизмати йўлга қўйилган.

Мамлакатимиз нейрохирургларининг халқаро илмий марказлар олимлари билан ҳамкорлиги натижасида бош ва орқа мия касалликларини ташхислаш ва даволашнинг замонавий технологиялари, илғор фан ютуқларига асосланган усуллар амалиётга кенг жорий этилмоқда.

Шифохоналарда компьютер томографияси, магнит-резонанс томографияси, рақамли рентген ускуналари ва ультратовуш текшириш жиҳозлари кенг қўлланилаётгани мия шикастланишини эрта аниқлаш имконини бермоқда. Бугунги кунда жароҳатли бош мия гематомалари, суякнинг ботиб синиши, мия паразитар касалликлари, юзаки жойлашган бош мия ўсимталарини олиб ташлаш каби нейрохирургик амалиётлар вилоят касалхоналарининг нейрохирургия бўлимларида муваффақиятли бажарилмоқда. Бу асаб билан боғлиқ касалликларни самарали даволаш, ногиронликнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Матбуот анжуманида соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, илғор илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.