Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида фаолият кўрсатишаётган фан номзоди ва доцентлар талабаларга таълим-тарбия бериш билан бир қаторда илмий тадқиқотларини ҳам изчил давом эттирмоқдалар. ЎзМУ Ахборот хизматидан хабар беришларича, шу кунгача улардан 27 нафари турли мавзуларда докторлик диссертацияларини ёзиб тугалладилар.

– Ҳар бир олий таълим муассасасининг нуфузи – унинг илмий салоҳияти билан белгиланади,– дейди ЎзМУ ректори Шуҳрат Сирожиддинов.– Шул боисдан ўқув даргоҳимизда аввало илмий тадқиқотлар олиб бориш учун барча зарур имкониятлар яратилган. Университет Ахборот-ресурс марказида интернет тармоғига уланган компьютерлар орқали тадқиқотчилар дунёнинг исталган илмий муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатиш имконига эгадир.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда докторлик диссертациясини ҳимояга тайёрлаётган педагог ходимлардан ташқари ЎзМУда катта илмий ходим-изланувчи босқичининг 1-курсида 36, 2-курсида 38, 3-курсида 44 нафар тадқиқотчилар илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Шунингдек, мустақил тадқиқотчилар ҳам ўз мавзулари устида тинмай изланмоқдалар. Улар 1-курсда 32, 2-курсда 39, 3-курсда 29 нафарни ташкил этади. Моҳиятан олиб қаралганда, бу йил ана шу ёш тадқиқотчиларнинг 70 дан ортиғи докторлик диссертацияларини ҳимояга олиб чиқишлари кутилмоқда.

Юқорида қайд этилган рақамларнинг барчаси фан докторларига айланган тақдирда ЎзМУнинг илмий салоҳияти қай даражада бўлишини тасаввур этишнинг ўзи мароқлидир.