Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Хитойнинг Куинан шаҳрида ўтказилган Осиё-Океания Олимпия саралаш мусобақасида 5 олтин ва 2 кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда “ЎзА” хабар қилмоқда.

Нуфузли мусобақада ўттиздан зиёд давлатдан жами 226 боксчи совринли ўринлар билан бирга жорий йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун беллашди. Унда спортчиларимиз Ўзбекистон бокс мактаби салоҳиятини яна бир карра намойиш этди.

Терма жамоамиз улкан ғалабаларни қўлга киритишида давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди.

Мусобақада Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Шахрам Ғиёсов, Элшод Расулов, Рустам Тўлаганов ўз вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Баҳодир Жалолов кумуш медаль билан тақдирланди. Боксчиларимизнинг барчаси Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI ёзги Олимпиада йўлланмасига эга бўлди.

Хотин-қизлар ўртасидаги баҳсларда қатнашган Ёдгорой Мирзаева ўз вазн тоифасида иккинчи ўринни эгаллаб, Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Ёдгорой мамлакатимиз хотин-қизлари орасидан Олимпиадада қатнашадиган биринчи боксчи қиз бўлди.