Мексика қирғоқларида ғаройиб кўринишдаги пуштиранг балиқ тутиб олишган эди. Бу маҳлуқот бир қарашда ўзга сайёраликка ҳам ўхшаб кетади. Ниҳоят, олимлар унинг “шахси”ни аниқлашга муваффақ бўлишди.

Экспертларнинг фикрига кўра, кўзлари келгиндиникидек, ранги оч пушти, коптокдек шишган бу балиқ акула турига мансуб экан.

АҚШ ва Мексиканинг Тинч океани қирғоқларида шишиш хусусиятига эга акула (Сephaloscyllium ventriosum) кун кўради. У хавф туғилганда катта миқдорда сув ютиб, ўз ҳажмини катталаштиради ва шу йўл билан душманини чўчитишга уринади.

Ушбу турнинг нормал вакиллари сарғиш-жигарранг тусга эга, тутиб олинган маҳлуқча эса альбинизм ёки лейкизм туфайли шундай рангга “мушарраф” бўлган.

Лекин уни ўз рангидан ташқари бошқа жиҳатлари ҳам ажратиб турибди, унинг жабралари 5-7 та эмас, балки 3 тагина.

Балиқчилар уни океанга қайтариб қўйиб юборишган