Uzmobile мобиль алоқа миллий оператори ва "Ўзбекэнерго" компаниялари Ўзбекистонда электр энергия сарфини ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизимини яратишда (ЭЭСҲАТ) биргаликда ишлаш имкониятини муҳокама қилмоқдалар, деб хабар берди компаниядаги манба Sputnik нашрига.

Бугунги кунда мобиль оператор "М2М" тариф режасини ишга туширди, у ЭЭСҲАТга уланган объектлар учун оптимал ечим бўлиши мумкин. Бу ечим мониторингнинг автоматлаштирилган механизми доирасида энергия захиралари сарфи ҳақидаги ҳимояланган маълумотларни узатишни кўзда тутади.

"Биз ҳақиқатан ҳам "Ўзбекэнерго" билан ЭЭСҲАТ тизими ҳисоблагичларини сим-карталар билан жиҳозлаш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Куни-кеча бу лойиҳа доирасида ўзаро ҳамфикрлик меморандуми имзоланди, энди иш техник босқичга ўтади. Кўп нарса энергетикларнинг ўзига боғлиқ бўлади, ҳозирда улар электр энергияни ҳисобловчи қурилмаларни етказиб берувчини аниқлаш бўйича тендер натижаларига якун ясашмоқда ва шундан кейин тўлиқ маълумот бера олишади", деб айтди компания вакили.

"Ўзбекэнерго" тармоқ имкониятлари ва миллий оператор сим-карталари имкониятларининг бир қатор синовларини ўтказди. Суҳбатдошнинг айтишича, миллий оператор энергетикларга махсус сим-карталар таклиф қилишди, бу сим-карталар -40 градусдан +40 градусгача ҳарорат ўзгаришларида ҳам ишлай олади.

Бундан ташқари, синовлар ҳам GSM стандартидаги, ҳам CDMA-450 EV-DO тармоғидаги сим-карталар билан ўтказилди. CDMA-450 EV-DO тармоғидаги сим-карталар GSM билан муаммолар бўлган чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда ишлатилади. Яқин орада томонлар аниқ келишувларга келиб, лойиҳанинг асосий босқичига ўтадилар.

Ўзбекистонда 2019 йилнинг охиригача Осиё, Ислом ва Жаҳон банклари кредитлари ҳисобига электр энергия сарфини ҳисобловчи замонавий қурилмаларни ўрнатиш бўйича 3 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 460 млн доллардан кўпроқни ташкил қилади. Натижада мамлакатнинг 9 та вилоятида замонавий электр сарфи ҳисоблагичлари ўрнатилади. Бу ҳисоблагичлар реал вақт режимида операторларга электр энергияни узатиш ва ҳисоблашни назорат қилиш имконини беради.