Hyundai компанияси Toyota’дан кейин ўзининг "ақлли машинаси"ни эълон қилди

Технология 06 Апрель 2016 645

Hyundai Motor Company концерни Toyota концернидан кейин автомобиль сунъий онги лойиҳасини эълон қилди. Бу сунъий онг келажак машиналарига катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишловчи булутли сервис ёрдамида бир-бири билан "мулоқот қилиш"га имкон беради. Компанияда "чексиз билим маркази" деб таърифланаётган лойиҳа Car to Life ("Ҳаёт учун автомобиль") деган ном олди.

Автомобиль сунъий онги биринчи навбатда хавфсиз автопилот учун лозим: машиналар тўпланувчи маълумотлар асосида ҳаракатнинг қолган иштирокчиларини "ҳис қилишлари" керак. Машиналарнинг жойлашган ўрни ҳақидаги маълумотлар ягона маълумотлар марказида қайта ишланади. "Тойота"га бундай лойиҳани амалга оширишга Microsoft компанияси (Azure булутли сервиси) ёрдам бермоқда.

Hyundai бу йўналишда қандай фирмалар билан ҳамкорлик қилаётгани маълум қилинмаяпти. Шунингдек, компания бу технология учун қанча пул сарфлашини ҳам ошкор қилмаган. Мисол учун, Toyota яқин 5 йил ичида "ақлли машина"ни ривожлантириш учун миллиард доллар сарфламоқчи.

Hyundai илғор сунъий онгга эга автомобиль прототипини қачон ишлаб чиқариши ҳозирча номаълум. Япон маркалари, жумладан Toyota тўлақонли автопилотга эга автомобиллар йўлларда 2020 йилга қадар пайдо бўлишини прогноз қилишмоқда.

Кўпроқ янгиликлар