«Реал» жамоасининг 2 мухлиси жамоа президенти Флорентино Пересни мадридликларнинг Испания Кубогидан четлатилгани воқеаси бўйича судга берган. Бу ҳақда Буюк Британиядаги The Sun нашри хабар тарқатган.

Рауль Хименес Гильем ва Сусана Кастаньо Каба исм-шарифли бу мухлисларнинг даъвосини каталониялик ҳуқуқшунос Фелипе Искьердо рўйхатдан ўтказган.

2015 йилнинг декабрида Испания Кубогининг 1/16 босқичида «Реал» «Кадис»га қарши ўйин ўтказган, унда дисквалификацияси бор футболчи Дениш Черишев майдонга туширилганди. Ҳолбуки, россиялик футболчи «Вильярреал»да ўйнаган вақтида кубок ўйинлари доирасида 3та сариқ карточка олганди ва бир ўйинни ўтказиб юбориши керак эди. Шундан сўнг, «Кадис» шикоят билан мурожаат қилди ва шикоят қондирилиб, кадисликлар автоматик равишда кейинги босқичга ўтишди, «Реал» эса турнирни тарк этди.

Манбанинг ёзишича, бу мухлислар «Реал»нинг Испания Кубоги турниридан чиқиб кетиши уларга маънавий ва моддий зарар етказганини айтишган. Улар президентдан қанча миқдордаги маблағни ундириш ниятида экани аниқланмаган. Шунингдек, улар бошқалар томонидан масхара қилинганини таъкидлашган.