Тошкентдаги Инҳа университети сайтида университетга кириш учун IELTS’дан қўшимча имтиҳонга 15 апрелгача рўйхатдан ўтиш мумкинлиги ҳақида эълон берилди.

Шунингдек, бу йили инглиз тилидан имтиҳонлар ўтказилмаслиги маълум қилинган. Университетга киришни истаганлар IELTS ёки TOEFL iBT сертификатларини топширишлари керак бўлади.

"Тошкент шаҳридаги Инҳа университети статистикасининг кўрсатишича, абитуриентлар университетга ҳужжатларини сўнгги кунларда, яъни қабул комиссияси ўз ишини якунлашига бир неча кунлар қолгандагина топширишади. Кўпинча бу ишни лицей ёки коллежни битиргандан сўнггина амалга оширишади. Натижада, уларнинг кўпчилиги IELTS ёки TOEFL iBT дан бўладиган имтиҳонларга рўйхатдан ўтишга улгурмай қолишади.

Ўтган йили, IELTS имтиҳонларига рўйхатдан ўтишга кечикиб қолган шундай абитуриентлар учун Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан инглиз тилидан учта имтиҳон ташкил этилди. 2016 йилда бундай имтиҳонлар ўтказилмайди. Бунинг ўрнига қўшимча равишда 28 май ва 25 июнда 2та IELTS имтиҳони ўтказилади. Шунинг учун, битирув дипломини олишни кутиб ўтирмай, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига келиб, 2016 йилнинг 15 апрелига қадар биринчи имтиҳон учун, 2016 йилнинг 16 майига қадар иккинчи имтиҳон учун IELTS имтиҳонларига рўйхатдан ўтиш лозим. Бунинг учун паспорт ва ўқиш жойидан маълумотноманинг ўзи кифоя. Қайд этиб ўтамиз, жойлар чекланган", дейилади университет сайтида.

"Ўзбекистондаги Британия Кенгаши билан ҳамкорликда ташкиллаштирилаётган IELTS бўйича иккита ёпиқ имтиҳонлар, IELTS сертификатини қўлга киритиш учун сўнгги имконият ҳисобланади, сабаби Британия Кенгашининг маълумотларига кўра, IELTS имтиҳонлари учун барча муддатлар август ойигача банд қилинган", - дея қайд этди Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг қабул бўлими бошлиғининг ўринбосари Рухсора Раҳматова.

Фақатгина инглиз тилидан сертификатларни ўз вақтида топширган абитуриентлар қуйидаги имтиҳонларга қўйилади:

 - математика ва физикадан Компьютер ва Дастурий инжиниринг учун: Academic IELTS 5.0 баллдан ёки TOEFL iBT 50 баллдан кам бўлмаган ҳолда;
 - математикадан Логистика учун: Academic IELTS 6.0 баллдан ёки TOEFL iBT 75 баллдан кам бўлмаган ҳолда.

Кириш имтиҳонлари 2016 йил 29 июль куни ўтказилади. Ҳужжатларни қабул қилиш университетнинг (www.inha.uz) сайтида амалга оширилмоқда. Ҳужжатлар 2016 йил 14 июль соат 17:00 гача қабул қилинади.