Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишлаб янги сайт ишга туширилди

Жамият 07 Апрель 2016 540

Қаршида буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини дунёга кенг тарғиб этиш ҳамда таваллудининг 680 йиллигига бағишлаб яратилган «www.sohibqiron.uz» сайтининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Мустақиллик йилларида Амир Темур шахси ва амалга оширган ишлари ҳақида китоблар нашр қилинди, халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалининг бир гуруҳ иқтидорли талабалари томонидан яратилган «www.sohibqiron.uz» сайти ана шундай эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

14 бўлимдан иборат мазкур сайт содда интерфейс шаклида ишлаб чиқилган. Ундан Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, авлодлари, моддий ва маънавий мероси билан боғлиқ янгиликлар, тарихий обидалар харитаси, маънавият, илм-фан тараққиёти йўлида қилган хизматлари ва давлат бошқаруви тўғрисидаги «Темур тузуклари» асаридан олинган манбалар, маълумотлар, темуршунос ва тарихчи олимларнинг илмий манбалари акс эттирилган видеолавҳалар жой олган. Жаҳон аҳлининг Амир Темур сиймосига бўлган қизиқиши, таниқли олимларнинг Соҳибқирон ҳақидаги фикрлари кенг ўрин эгаллаган.

Фойдаланувчилар сайт орқали Амир Темур фаолияти ва ҳаёти ҳақидаги электрон ресурсларни кўчириб олиш имкониятига ҳам эга. Барча манбалар ўзбек, инглиз ва рус тилларида қўйилган.

Кўпроқ янгиликлар