Никоҳ маросимида келин ва куёв бир-бирига ўлимдан бошқа ҳеч нима уларни айирмаслигига қасамёд қилишади. Бадавлат инсонларнинг ҳаётдан кўз юмиши эса севимли аёли ҳақида қайғуришига тўсқинлик қилмайди. Daily Mail нашри Стив Жобснинг беваси мерос қолган миллиардларни қандай тасарруф этганлиги ҳақида ҳикоя қилди. Қуйида шунингдек бошқа миллиардерларнинг бева рафиқалари қандай ҳаёт кечираётгани ҳақида сўзланган.

Олмалар ва ҳайрия
Apple компаниясининг асосчиси Стив Жобс ва Стэнфорд университетининг битирувчиси Лорен Пауэлл 1991 йилда биринчи iPod намойишига қадар турмуш қуришади. Лорен ҳам Стив каби дзен-буддизмга қизиққан ва ўз турмуш ўртоғининг мураккаб дунёқарашини кўтара оладиган кучли характерга эга бўлган. Улар 2011 йилда Стив Жобснинг саратондан вафот этгунига қадар биргаликда яшашди. Уларнинг Эрин, Ева исмли қизлари ва Рид исмли ўғли бор.

2016 йилда Лорен Пауэлл-Жобс Forbes журналининг маълумотига кўра, дунёдаги энг бадавлат аёллар орасида олтинчи ўринни эгаллади. 52 ёшли беванинг молиявий ҳолати 16.7 миллиард долларга баҳоланган.

Унинг тасарруфида иккита шахсий самолёти (қиймати 58.8 миллион ва 10 миллион долларга тенг), тўртта уй, 138 миллион қийматдаги 80 метрли яхта, Walt Disney Company ва Apple акциялари бор.

Пауэлл-Жобснинг асосий капитали айнан турмуш ўртоғидан мерос бўлиб қолган Walt Disney Company ва Apple акцияларидан келиб тушади.

2006 йилда Disneyдаги активлари қиймати икки баробарга ортган. Унинг The Laurene Powell Jobs Trust фонди Уолт Дисней компаниясининг 7,8 фоизлик акциялари билан энг йирик акционерлардан бири ҳисобланади.

Беванинг Appleдаги улуши камроқ бўлиб, 560 миллион долларни ташкил этади.
Лорен фақатгина Стив Жобс яратиб берган шароитга қараб қолган эмас. 2015 йилнинг сентябрь ойида XQ: The Super School Project лойиҳасига 50 миллион доллар ажратди. Бир неча ойлардан бери кўплаб мутахассислар ва ташаббускорлар келажак мактаби устида иш олиб боришмоқда.

Бундан ташқари, Жобснинг беваси бизнесни ижтимоий инструмент сифатида фойдаланишни тадқиқ этувчи Emerson Collective ташкилотига асос солди.

Камтар бўлишга қарор қилди
Кимдир дўконларда пул сарфласа, кимдир эса ишлаб топади. Forbes журналининг маълумотига кўра, дунёдаги энг бой иккинчи аёл Wal-Mart асосчиси ўғилларидан бирининг беваси Кристи Уолтон ҳисобланади. Халқаро фирма дунёдаги энг катта улгуржи савдо тармоғини Walmart савдо белгиси остида бошқаради. Унинг турмуш ўртоғи Жон мисли кўрилмаган бойликни унга мерос қилиб қолдириб кетган бўлса-да, 66 ёшли Кристи Уолтон Вайоминг штатидаги кичик бир шаҳарчада камтарона ҳаёт кечиради.

Унинг жуда ҳам камтар феъл-атвори сабабли турмуш ўртоғидан қолган мерос камайиш ўрнига беш миллиард долларга кўпайган. Ҳозирда унинг бойлиги деярли 37 миллиардни ташкил этмоқда.

Ёшларга йўл берди
Ширинликлар қироли ва Ferrero компаниясининг асосчиси Микеле Ферреро 17 миллиардлик маблағи билан ўз мамлакатининг энг бадавлат фуқароси сифатида Forbes журналининг рўйхатига киритилган.

2015 йил 14 февраль куни Nutella шоколади асосчиси Ферреро 90 ёшида вафот этди. Унинг барча 22 миллиард доллар бойлиги турмуш ўртоғига мерос бўлиб қолди. Мария Франка Фиссоло компаниянинг ишларига унчалик қизиқмайди ва бундай масъулиятни ўғли Жованнининг зиммасига юклаган.

Давомчига айланди
2014 йилда Forbes Фонтбона оиласини Жанубий Америкадаги бойлиги бўйича тўртинчи энг катта оила деб тан олди.

73 ёшли Айрис Фонтбона 2005 йилда турмуш ўртоғи Андрониконинг вафотидан сўнг, қийин тадбиркорлик соҳаларидан бири бўлган кон саноатига кириб қолди. Турмуш ўртоғининг ҳар доим ёнида бўлиб, бирга ишлагани ва маслаҳатлар бергани Айрисга бу ишни бошқаришда ёрдам берди. Уч ўғилнинг онаси 10 миллиард доллар бойликка эга бўлиб, дунёдаги энг катта мис конларидан бири – Антофагастага эгалик қилади. Бундан ташқари, турмуш ўртоғи асос солган Quinenco фирмасининг бир қисми ҳам унинг тасарруфида.