Интернет фойдаланувчилари professional hair (профессионал соч турмаги) ва unprofessional hair (нопрофессионал соч турмаги) қидирувлари берилганда Google қандай натижаларни тақдим этишини ўрганиб чиқишди.

Маълум бўлишича, биринчи қидирувда портал асосан оқ танли аёлларнинг суратларини, иккинчиси бўйича эса қора танли аёлларнинг суратларини тақдим этар экан. Бу ҳолатга The Guardian нашри эътибор берди.

Google алгоритмининг ўзи суратларни мустақил равишда камдан-кам таҳлил қилади. У ёки бу суратни излаш давомида энг аввало, фойдаланувчилар қандай тасвирлашларига йўналади.

Тахминларга кўра, unprofessional hair (нопрофессионал соч турмаги) қидируви бўйича Google тасвирларни анъанавий соч турмакларини, масалан, жингалак, ўрим ва дред соч турмаклари нақадар нопрофессионал бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги мавзулар муҳокама этилган блог ва мақолалардан олган. Шунингдек, унга иллюстрация сифатида асосан қора танли аёлларнинг суратлари акс эттирилган. Чунки бундай соч турмаклари айнан қора танли аёлларга хос.