Москва вилоятининг Ногинск наркополицияси Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан 21 кг героин мусодара қилди, деб маълум қилди Москва вилоятининг Наркотиклар айланмасини назорат қилиш федерал хизмати.

"Ўзбекистонлик ва тожикистонлик гиёҳвандфурушларнинг халқаро гуруҳи фаолиятини бригада пудрати деб аташ мумкин. 4 нафар гиёҳвандфуруш тезкор ходимлар томонидан қўлга олинди. Уларнинг ёнидан 1043 та ўрамга қадоқланган 21 кг га яқин героин мусодара қилинди", дейилмоқда хабарда.

Ногинскнинг кўп квартирали уйларидан бирида операция давомида 1971 ва 1983 йилда туғилган Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси ушланди. Улардан бирининг сумкасида умумий оғирлиги 1 кг бўлган 199 ўрам героин аниқланди. Сўнгра тезкор ходимлар томонидан уларнинг шериги – 1969 йилда туғилган яна бир ўзбекистонлик автомобилида 4 кг героин билан ушланган.

"Бироқ энг катта ўлжа эртаси куни қўлга туширилди. Наркогуруҳнинг йирик героин партияларини етказиб берувчи 4-аъзоси яшайдиган манзил бўйича тинтув ўтказилганда уйнинг чордоғида, поллар остида, ёрдамчи бинода деярли 17 кг героин яширилган махфий жой аниқланган" , дейилди хабарда.