Швециялик тажрибали футболчи Златан Ибраҳимович «ПСЖ» жамоаси билан шартномасини 1 йилга узайтирмоқчи.

La Gazzetta dello Sport нашри хабарига кўра, 34 ёшли футболчи прижликлар жамоаси раҳбарияти билан ҳозирги маошини сақлаб қолишни назарда тутадиган (йилига 12 млн евро) 1 йиллик шартнома тузади.

Хабарда айтилишича, футболчи 1 йилдан кейин, 2017 йилнинг ёзида «ПСЖ» жамоаси акционерларидан бири бўлган Муҳаммад бин Ҳамад Ал-Тани таклифига кўра Қатар клубига ўтади ва янги жамоасида йилига 50 млн евро маош олади.

Бундан ташқари, Ибраҳимович 2022 йилги жаҳон чемпионати вақтида промоутер бўлиши мумкин.

Футболчининг «ПСЖ» билан амалдаги шартномаси 2016 йилнинг ёзига қадар тузилган.

Итальян нашри маълумотига кўра, агар парижликлар жамоаси Ибраҳимовични сақлаб қолса, Роналду ёки Неймарни таклиф қилиш вариантини бекор қилади. 7 апрель куни Sky Sports нашри португалиялик футболчи 60 млн евро эвазига парижликлар жамоасига келиб қўшилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Роналдунинг мадридликлар жамоаси билан шартномаси 2018 йилгача тузилган. «Реал» уни трансфер нархи янада пасайишидан олдинроқ сотиб юбормоқчи. Шунингдек, футболчининг ўзи клубдан кетишни истамоқда. Лекин у йилига 20-25 млн евро маош тўлай оладиган жамоа сафига ўтмоқчи.

Роналдудан ташқари, парижликлар «Барселона» футболчиси Неймарнинг хизматларига қизиқиш билдирган. Бразилиялик футболчининг каталонияликлар жамоаси билан амалдаги шартномаси 2018 йилгача тузилган, лекин жамоа бу шартномани узайтиришга шошилмаяпти. «ПСЖ» футболчини сотиб олиш учун 193 млн евронинг баҳридан кечишга тайёр ва унинг ўзига йилига 20 млн евро маош тайинламоқчи.

Златан Ибраҳимович: «Балки ёзда футболчилик фаолиятимни якунларман»

Манба: «Реал» Роналдуни 60 млн евро эвазига сотишга тайёр

«ПСЖ» «Барселона»га Неймар учун 193 млн евро тўлашга тайёр

As: «ПСЖ» Ибраҳимович кетса, унинг ўрнига Алексис Санчесни олмоқчи