Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда аҳоли, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини ошириш” мавзусида қабул қилинган грант шартномасига асосан, 2015 йилнинг 5 ноябридан 15 декабрига қадар “Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни тарғиб қилишга қаратилган ижтимоий видео-роликлар” сценарийлари танлови ташкил этилди.

Танловдан кўзланган асосий мақсад ёшларни табиий ҳамда энерго ресурслардан оқилона фойдаланишга чақириш, ҳукумат томонидан ушбу соҳада амалга оширилаётган тадбирлардаги иштирокида фаолликларини ошириш, ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ва улардан унумли фойдалана олиш масъулиятини ёшлар ўртасида тарғиб этиш, уларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш орқали маънавий баркамол шахс бўлиб етишишлари ҳамда жамиятда ўз ўринларини топишларида кўмаклашиш, иқтидорли, ижодкор ёшларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ўз ақл-заковатини намоён этишига кўмаклашишдан иборатдир.

Танлов шартларига асосан иштирокчилар танлов Низомида келтирилган мавзулар қамрови билан чегараланган ҳолда, келажакда sharh.uz веб-саҳифаси таҳририяти томонидан суратга олиниши имкониятини ҳисобга олиб, ижтимоий видео-ролик сценарийлари лойиҳаларини юборишлари талаб этилган эди.

Танлов якуни бўйича жами 11 нафар иштирокчи томонидан 14 дона сценарийлар танловга иштирок этиш учун, Низомга мувофиқ, белгиланган муддатларда баҳоловчи экспертлар учун тақдим этилди.

Баҳолаш якунига кўра, экспертлар гуруҳи томонидан, Низомда келтирилган баҳолаш меъзонлари, шу билан бир қаторда кейинчалик тасвирга олиш жараёнидаги техник ва технологик омиллари, молиявий имкониятларни инобатга олган ҳолда, ҳисоблаб чиқарилган умумий балларга асосан Авазбек Исламов томонидан тақдим этилган “Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш” ҳамда Фаррух Хўжамқулов томонидан тақдим этилган “Она табиатни асранг” мавзуларидаги ижтимоий видео ролик сценарийлари ғолиб деб топилди. Шунингдек, Ирода Мамадраҳимова томонидан йўлланган “Брось Природе Спасательный Круг” номли сценарий рағбатлантирувчи ўринга лойиқ деб топилди.

Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими жорий йилнинг 7 апрель куни куни Тошкент шаҳридаги Республика Байналминал маданият марказида бўлиб ўтди. Тантанали маросимда танлов иштирокчилари ва ҳамкорларининг мутасадди вакиллари иштирок этдилар. Ғолибларга shаrh.uz веб-саҳифаси таҳририятининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.