Facebook ижтимоий тармоғи 6 апрелдан бошлаб, видеоэфирларни жонли узатиш хизматини ишга туширди. BuzzFeed нашри эса, 8 апрель куни ушбу имкониятдан фойдаланишга қарор қилди. Улар жонли эфирда ўзига хос тажриба ўтказишди: тарвузнинг ёрилиши учун неча дона канцелярия резинаси керак бўлади?

BuzzFeedнинг икки ходими комбинезонларни кийиб, тарвузни резиналар билан сиқа бошлашган. Буларнинг бари нашрнинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали тўғридан тўғри эфирга узатилган.

Ижтимоий тармоқ янгиликлар тасмасининг видеолавҳаларга устунлик берувчи алгоритми ҳамда тажрибанинг оригиналлиги туфайли юз минглаб кишилар уни томоша қилган. Маълум вақтга келиб, томошабинлар сони салкам 800 минг кишига етган.

Таққослаш учун, «Тахт ўйини» сериалининг 5-мавсуми сўнгги лавҳасини 8,1 миллион киши кўрган. CNBC телеканали, айни шунга ўхшаш эфирлар келажак телевидениеси таркибий қисми бўлишини тахмин қилмоқда.

Умуман, 45 дақиқалардан сўнг, тарвуз портлаган. Бунинг учун 680 дан ортиқ резина талаб этилган.