Украинада мамлакатдаги биринчи маҳаллий электрокар прототипи яратилди. Бу ҳақда машинани яратган "Electric Marathon International" компанияси маълум қилди.

Машина Synchronous деб номланди.

“Инновацион электр двигатель, томда ўрнатилган қуёш панеллари, янги муҳандислик ечимлари бу машинада ҳаракатланишни қулай қилиши керак. Панорамали қорайтирилган ойна ва ўрта аср кареталарини эслатувчи ташқи кўриниш Synchronous’га шаҳарда ҳаракатланиш учун идеал восита бўлиши учун имкон беради”, дейилмоқда хабарда.

“Synchronous – электр автомобиллар оламида ўзига хос, антиқа ва ностандарт ечимдир”, дейилмоқда компанияда.

Synchronous 6 апрелда Монакода ҳар йили ўтказиладиган экологик соф тоза транспорт бўйича 11-анжуман EVER 2016’да расман намойиш қилинди.

Аввалроқ Украинада электромобиллар савдоси кескин ошиб кетгани маълум қилинганди. Экспертларнинг фикрича, бунга мамлакатда 2016 йил 1 январдан олиб кириш божларининг бекор қилиниши сабаб бўлган.