8 апрелда Россиялик таниқли қўшиқчи Сергей Лазарев Санкт-Петербургдаги "Октябрьский" концерт залида концерти вақтида ҳушидан кетиб қолди. Россия номидан Стокгольмда бўлиб ўтадиган "Евровидение-2016" мусиқий танловида иштирок этувчи қўшиқчи мухлисларига мурожаат қилаётган вақтда шундоққина саҳнада ҳушини йўқотди. Таъкидланишича, қўшиқчининг боши айланиб, у мувозанатини йўқотиб йиқилиб тушган. Бунга унинг концертга тайёргарчилик кўриш вақтида толиққани сабаб бўлган.    

Қўшиқчи ижодий гуруҳи ва мухлислари у ўзини ёмон ҳис қилаётганини дастлаб англашмади ва бу ҳолатни "шоунинг бир элементидек" қабул қилишди.

Ушбу ҳолат акс этган видеода қўшиқчи 40 сонияча саҳнада ётганини ва шундан кейингина концертда иштирок этаётган раққослар у ҳақиқатан ўзини ёмон ҳис қилаётганини англаб, унга ёрдам кўрсата бошлашгани кўриш мумкин.  

Қўшиқчининг ижодий гуруҳи вакилларидан бирининг айтишича, Сергейга биринчи ёрдам кўрсатилган. Унга нашатир спирти ҳидлатилгандан кейин у ўзига келган. Ёрдамга етиб келган тиббий ходимлар қўшиқчига осойишталик кераклигини тавсия қилишган ва шу сабабли концертни давом эттирмасликка қарор қилинган. Таъкидланишича, концерт 9 июнга кўчирилган.   

Лазарев 10-14 май кунлари бўлиб ўтадиган "Евровидение"да "You are the only one" қўшиғи билан иштирок этиши режалаштирилган. Бир неча кун аввал 33 ёшга кирган қўшиқчи мусиқий танловда Россияни тақдим қилишдан бахтиёр эканлигини айтганди. Бу нохуш воқеа унинг танлов билан боғлиқ ижодий режаларига таъсир қиладими-йўқми номаълум, бироқ кўпчилик унинг танловда ғолиб бўлишини тахмин қилмоқда.