ТАТУда «Таълим тизими ва АКТ соҳасига оид корхоналарнинг ҳамкорлиги» семинари ўтказилди

Ўзбекистон 09 Апрель 2016 1095

8 апрель куни ТАТУда «Таълим тизими ва АКТ соҳасига оид корхоналарнинг ҳамкорлиги» юзасидан семинар бўлиб ўтди.

Семинарда профессор-ўқитувчи ва талабалар соҳа корхоналари вакиллари томонидан бугунги кунда соҳага киритилаётган янги технологиялар ва соҳа мутахассисларига қўйиладиган асосий талаблар билан таништирилди.

Амалий ҳамкорлик семинари доирасида Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университети ўртасида англашувлик Меморандуми имзоланди. Ҳар икки олий таълим муассасаси ўртасида республиканинг олий таълим тизимига ўқув жараёнини замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитининг ривожланишига кўмаклашиш юзасидан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича фикр ва тажриба алмашилди ҳамда келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида келишиб олинди.

Соҳа мутахассислари томонидан таълим ва ишлаб чиқаришга, жумладан, 

—   республикада ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида узлуксиз таълим ва малака ошириш тизимини шакллантиришга кўмаклашиш, илмий тадқиқот ва таълим муассасалари, дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчилар, ишлаб чиқариш корхоналари, саноат ва инфратузилма тармоқлари ҳамда бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологиялари истеъмолчилари ўртасида ўзаро мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш;

—   ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартларга мос юқори малакали мутахассисларни, биринчи навбатда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича мутахассисларни тайёрлашни таъминлашга доир амалий таклифлар берилди.

Семинар якунида ТАТУ иқтидорли талабалар томонидан яратилган дастурий ва техник ишланмалар кўргазмаси намойиш этилди.

Кўпроқ янгиликлар