Tesla Motors компанияси ўзининг энг ҳамёнбоп электрокари – Model 3 автомобилига етти кун ичида 325 мингдан ортиқ олдиндан буюртма олди. Ушбу буюртмалардан тушадиган маблағ 14 миллиард долларга етди.

Tesla Model 3 автомобили 1 апрель куни Калифорниядаги махсус тадбирда намойиш этилган. Ўша куннинг ўзидаёқ ишлаб чиқарувчи олдиндан минг доллар тўланиш шарти билан автомобилни сотиб олишга буюртма қабул қила бошлади.

Илк намойишдан сўнг бир куннинг ўзида энг арзон Tesla автомобилига 180 мингдан ортиқ харидорлар олдиндан расмий буюртма беришди. Компанияда буни "бутун бир тарих давомида янги маҳсулотнинг бир кунда сотилиши миқдори бўйича дунё рекорди", деб аташди.

Tesla Model 3 автомобилининг баҳоси 35 минг доллардан бошланади, электрокарнинг ўртача нархи 42 минг долларни ташкил қилади. Моделнинг серияси 2017 йилнинг охирига яқин чиқарила бошлайди.

“Тесла” раҳбари Илон Маскнинг маълум қилишича, электрокарнинг "энг секин" модификацияси жойидан соатига 96 километргача олти сониядан кам вақт ичида силжий олади.