Хитойнинг Harbin Electric International Company Ltd компанияси 2016 йил декабрда Тошкент вилоятидаги Ангрен иссиқлик электр станцияси модернизациясини якунлайди, деб хабар бермоқда Sputnik aгентлиги "Ўзбекэнерго" АКдаги манбасига асосланган ҳолда.

"Лойиҳа бўйича асосий қурилмаларни монтаж қилиш ва ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда, инфратузилма объектларини қуриш бўйича ишлар тўлиқ ҳажмда якунланди, бош корпус, қозонхона биноси, буғ турбинаси, градирня қурилиши давом этмоқда", дейилмоқда хабарда.

Harbin Electric ва "Ўзбекэнерго" 2012 йил сентябрда ИЭСни модернизация қилиш бўйича шартнома имзолашганди. Шартнома доирасида Хитой компанияси 2014 йил октябрда юқори кулли кўмирни ёқиш учун 150 МВт қувватли янги энергоблокнинг қурилишини бошлаган. Модернизация натижасида электр станцияда кўмир ёқиш 20 фоиздан 45 фоизга ошади (1 млн тоннага).

Умумий қиймати 242,6 млн долларни ташкил қилувчи лойиҳа Хитойнинг Эксимбанк (165,6 млн доллар) ва "Ўзбекэнерго" маблағлари (77 млн доллар) ҳисобига молиялаштирилмоқда.

"Ангрен ИЭС" ОАЖнинг 8 та энергоблокининг мавжуд қуввати 484 МВт ни ташкил қилади. Қисман кўмирда ишловчи станция (қишда иситиш мавсумида) 1957 йилда ишга туширилган. Станция Тошкент вилоятининг асосий саноат объектлари ва аҳолисини электр энергия билан таъминлайди.