«ПСЖ» жамоаси ҳужумчиси Златан Ибраҳимович ёзда «Манчестер Юнайтед» жамоаси футболчисига айланиши мумкин.

Sky Sports нашри хабарига кўра, футболчи манчестерликлар жамоасига ўтишга тайёрлигини, лекин бунинг учун Луи ван Гаал жамоани тарк этишини исташини айтган. Златан ва ван Гаал ўртасидаги муносабатлар бу икки шахс «Аякс»да бўлган вақтида бузилганди.

Манбанинг маълумотига кўра, Ибраҳимовичда Хитой жамоасидан йилига 70 миллион евро тўлашни назарда тутувчи таклиф мавжуд. Лекин футболчи кучлироқ лигада ўйнашни истамоқда ва унга «Манчестер Юнайтед» варианти маъқул. У яна 2 йил давомида юқори савиядаги футбол намойиш эта олишига ишонч билдирган.

Ибраҳимовичнинг «ПСЖ» билан шартномаси жорий мавсум якунига қадар амал қилади, ҳолландиялик мутахассиснинг «МЮ» билан шартномаси эса 2017 йилнинг ёзига қадар тузилган.