Москванинг "Динамо" жамоаси машҳур футбол агенти Жорж Мендеш билан ҳамкорлик қилиш борасида битим тузди. Бу ҳақда москваликлар жамоаси матбуот хизмати бошлиғи Константин Алексеевга асосланиб, ТАСС агентлиги хабар тарқатган.

"Ҳа, "Динамо" Мендеш билан ҳамкорлик қилиш бўйича битим тузди. Тафсилотлар кейинроқ маълум қилинади", дейда матбуот котиби.

2015 йилнинг июнида УЕФА "Динамо"ни 2015-16 йилги мавсумда еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилганди. Бунга жамоа молиявий fair play қоидаларига риоя этмагани сабаб бўлган.

Мендеш 1996 йилда футбол агенти сифатидаги фаолиятини бошлаганди. Унинг GestiFute номли идораси ўз вақтида Луиш Фигуга ишлаган. Айни вақтда Криштиану Роналду ва Рикарду Куарежма каби португалиялик футболчиларга айнан Мендеш агентлик қилади. 2004 йилда "Порту" ЕЧЛда ғолиб чиққач, Мендеш ушбу жамоа бош мураббийи Жозе Моуриньога агентлик қила бошлаганди.

"Динамо" ушбу футбол агенти билан 2005 йилда ҳамкорлик қилишни бошлаганди. Ўшанда москваликлар жамоаси иккита трансферлар ойнаси вақтида 11 нафар хорижлик футболчини ўз сафига қўшиб олган, аммо бу трансферлар катта ютуқлар келтирмаганди.

Айни вақтда Мендешнинг компанияси 200дан ортиқ футболчига хизмат қилади. Фабиу Коэнтрау, Пепе, Моутиньо, Нани, Анхель Ди Мария, Фалькао, Бурак Йилмаз ва Виктор Вальдес шулар жумласидан.