Наманган вилоятида хорижий инвесторлар иштирокидаги 60 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда

Ўзбекистон 11 Апрель 2016 681

Наманган вилоятида хорижий инвесторлар иштирокидаги 60 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Уйчи тумани Ёркатай қишлоғидаги “Mega tekstil” хорижий корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

“Ortasya Tekstil Sanayi ve Ticaret Limited Sirketi” компанияси таъсисчилигида 1 миллион 450 минг доллар миқдоридаги низом фонди билан 2010 йилда иш бошлаган корхона пахта хомашёсидан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Пахта толасини тараш, пилталаш, пиликлаш, йигириш ва қайта ўраш каби тўрт босқичдан иборат жараён замонавий дастгоҳларда бажарилмоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати ўртача 1080 тоннани ташкил этади.

– Ўтган йили корхонада 4 миллиард 255 миллион сўмлик 800 тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди, – дейди корхона директори Комилжон Маматчаев. – Маҳсулотнинг қарийб 70 фоизи экспорт қилинди. 2014 йилда экспорт ҳажми 676 мингдан зиёд долларни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич қарийб икки баробар ошди.

Президентимизнинг 2015 йил 24 ноябрдаги “2016-2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида бу ерда жорий йилдан бошлаб 1 миллион 800 минг долларлик истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида Хитойнинг “Jingwei textile machinery co.ltd” компаниясида ишлаб чиқарилган 11 турдаги замонавий жиҳозлар келтириб ўрнатилади. Кейинги босқичда эса Италиянинг “Sangiacomo” компаниясидан сўнгги русумдаги технологик жиҳозлар келтирилиб, йилига 600 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 2019 йилгача босқичма-босқич умумий қиймати 5 миллион 409 минг долларлик модернизация ишлари амалга оширилади.

Айни пайтда корхонада меҳнат қилаётган 180 дан ортиқ ишчи-ходимнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир.

Кўпроқ янгиликлар