Термизда “Ёш чегарачилар” мусобақаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон 11 Апрель 2016 827

Термизда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Сурхондарё вилоятидаги 50 дан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик клублари фаолият юритмоқда. Ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик кўникмасини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий тайёргарлигини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этаётган клубларда барча шароит яратилган. Клуб аъзолари билан моҳир чегарачилар иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, ёшларнинг ҳарбий қисмларда бўлиб, чегарачилар ҳаёти билан танишаётгани ҳам уларнинг соҳага интилиш ва қизиқишини оширмоқда.

Жамоалар 12 шарт бўйича билим ва маҳоратини намойиш этди. Термиз шаҳридаги 1-академик лицейнинг “Сарҳад посбонлари” жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Мусобақада иккинчи, учинчи ўринни эгаллаган жамоалар, “Президент асарлари билимдони”, “Инглиз тили билимдони”, “Энг яхши мураббий”, “Энг чаққон спортчи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.

Кўпроқ янгиликлар