Экспертларнинг фикрича, 2030 йилга бориб, дунёда сотиладиган автомобилларнинг 30 фоизини электромобиллар ташкил қилади. Бу, ўз навбатида, нефть қазиб олувчи мамлакатлар учун хавф сифатида кўрилади. Яқин келажакда электромобиллар сонининг ортиши оқибатида бензин ва дизель ёқилғиларга талаб кескин камайиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Яқин-яқингача электр автомобили деганда фантастик фильмлардаги машиналар кўз ўнгимизда гавдаланарди. Аммо бугунги кунда электромобиллардан фойдаланиш урфга кириб бўлди. Элeктромобилларга қизиқиш нефть инқирози кузатила бошлаган ўтган асрнинг 70-йилларида пайдо бўлди. Оммавий тарзда эса 90-йилларда ишлаб чиқарила бошланди. Электромобилларни ишлаб чиқаришга жаҳондаги барча йирик компаниялар киришиб кетди. Тўғри ҳозирча, электромобиллар оддий автомобиллар даражасига етиб олгани йўқ. Тезлиги камлиги сабаб ҳайдовчиларнинг кўнглидан жой топа олганича йўқ. Аммо нима бўлганида ҳам, жаҳон автомобиль саноатида электромобилларга талаб ортиб бормоқда. Айни дамда бу соҳада АҚШ ва Хитой олдинги ўринларни эгалламоқда. 2015 йил бу борада кескин ўзгаришлар даври бўлгани айтилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2015 йилда жаҳон бозорида 600 мингта электромобиль сотилган. Шундан 180 мингтаси АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Хитойда ўтган йили 2014 йилга нисбатан уч баробар кўп электромобиль сотилган. Февраль ойида Хитой Фан ва технологиялар вазири Вань Ган баёнот бериб “осмон ости мамлакати” 2015 йилда электромобиллар савдоси бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олганини билдирди. Ўтган йили Хитойда 370 мингдан ортиқ электромобиль сотилган. Айни дамда мамлакатдаги электромобиллар сони 497 минтани ташкил қилади.

Германиялик автоэксперт, профессор Штефан Брацельнинг сўзларига қараганда ишлаб чиқарувчилар томонидан таклифнинг кўпайгани Хитойда электромобилларнинг кўп сотилишига сабаб бўлган. Шу билан бирга, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши боис Хитойнинг йирик шаҳарларида ички ёнув двигателли автомобилларни рўйхатдан ўтказиш анча мураккаблашмоқда. Бу, ўз навбатида, электромобилларга бўлган талабнинг ошишига сабаб бўлмоқда.

Электромобилларнинг оммалашишига қувватлантирувчи шохобчаларнинг ҳам ўрни катта. Бу каби шохобчалар етишмас экан электромобилларга бўлган талаб ҳам кўпаймайди. Электромобилга эга шахслар учун энг қулай мамлакат АҚШ экани тан олинади. Бу мамлакатнинг ғарбий соҳилларидаги Сан-Диего, Сан-Франциско ва Портленд шаҳарларининг ҳар бирида бензиндан воз кечиб электромобиллар харид қилганлар учун юздан ортиқ “қувватлантирувчи” станциялар фаолият юритади.

Шанхай расмийлари 2020 йилга бориб электромобилларни қувватлантирувчи шохобчалар сонини 10 баробар кўпайтиршни режалаштирмоқда. Бугунги кунда бу каби шохобчалар сони 21 минг 700 тани ташкил қилади. Тўрт йилдан кейин уларнинг сони 210 мингдан ошиб кетиши кутилмоқда. Расмийларнинг режасига кўра, ҳар еттита электромобил учун камида битта махсус қувватлантирувчи шохобча тўғри келиши керак.

Ҳозирча “кўҳна қитъа” мамлакатлари бу соҳада “океан орти” ва “осмон ости мамлакати”дан ортда қолиб кетган. Аммо нисбатан кўп сотилаётгани маълум бўлди. Буюк Британияда сўнгги бир йилда электромобиллар хариди 16,5 мингтадан 28 мингтагача ошган. Францияда эса 16 мингтадан 27 мингтагача етган. Бу кўрсаткич Норвегияда 25 мингтани ташкил қилди. Европадаги энг йирик автобозор бўлмиш Германия олтинчи ўринда бормоқда. Бу мамлакатда 2014 йилда 13 мингта электромобиль сотилган бўлса, ўтган йили 23,5 мингта электромобиль харид қилинган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳозирча электромобилларга талаб кам бўлишига қарамай, бу русумдаги электромобиллар инсониятнинг келажаги экани тан олинади. Чунки электромобиллар экологик тоза энергиядан қувватланади.

Яқин-яқинларгача газнинг бензиндан афзаллиги ҳақида кўп гапирилар эди. Энди эса матбуотда электр двигателли автомобиллар ҳақида ёзилмоқда. Шуни тан олиб айтиш керакки, электромобиллар автомобиллардан аввал пайдо бўлган. Электромобиль ҳақида илк бор 1841 йилда гапирила бошланган эди. Бироқ ўша йиллари транспортнинг бу тури бир қатор муаммолар билан тўқнаш келди.

Бугунги кунда жаҳон мамлакатларида электромобилларга талаб ошиб бормоқда. Бунга бир неча йил аввал нефть нархининг кўтарилиши ҳам сабаб бўлган эди. Бугунги кунда “қора олтин” нархи бирдан тушиб кетди. Бироқ электромобилларга бўлган талаб камаётгани йўқ. Бунга асослар ҳам бор.

Инглизлар транспортнинг янги турини “яшил автомобиль” деб аташмоқда.

Электромобиллар кундалик турмуш тарзимизнинг бир қисмига айланиб бораётгани аниқ. Энди ортга қайтишнинг иложи йўқ. Йилдан йилга йўлларда ҳаракатланаётган электромобиллар сони ортиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, айнан электромобиллар келажак транспортига айланиб бормоқда. Электромобилларни ривожлантириш мақсадида ҳаётга янгидан янги ғоялар, инновациялар жорий этилмоқда. Айни дамда бир қатор мамлакатларда электромобилларни харид қилувчиларни рағбатлантириш мақсадида махсус дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Экологияга деярли салбий таъсир кўрсатмайдиган электромобилларнинг бир қатор афзалликлари мавжуд. Масалан, автомобилларга нисбатан ёқилғи камроқ сарфланади ва ҳаражати озроқ. Электромобиль атмосферага заҳарли газларни деярли чиқармайди. Агар йўл транспорт ҳодисаси юз бергудек бўлса, электромобилларда ёнғин чиқиш эҳтимоли жуда ҳам кам.

Шарофиддин Тўлаганов