«Лестер» жамоасининг АПЛнинг 37 турида «Эвертон»га қарши кечадиган уй учрашуви учун чипталар нархи кескин кўтарилиб кетди.

The Guardian нашрининг ёзишича, АПЛ етакчиси бўлиб турган бу жамоанинг мавсумдаги сўнгги уй учрашуви учун чипталар 11 апрель куни 90 дақиқа ичида сотиб бўлинган. Олибсотарлар бу ўйин учун чипталарининг донасини 18 минг евродан сотишган.

«Лестер» мухлислари бу воқеадан қаттиқ ранжишган ва раҳбариятга норозиликларини билдиришган. Ўз навбатида, раҳбарият ҳам воқеаларнинг бу тариқа ривожидан хурсанд эмас ва тегишли чоралар кўришга киришган.

Клаудио Раньери шогирдлари айни вақтда энг яқин таъқибчиси «Тоттенҳэм»ни 7 очколик фарқ билан ортда қолдириб, турнир жадвалида биринчи ўринда жойлашган.

«Тулкилар» 17 апрель куни 34 тур ўйинида Лондоннинг «Вест Ҳэм» жамоасини қабул қилади.