АҚШда номаълум шахс тунда Five Guys тез овқатланиш ресторанларидан бирига кириб, ўзига кола қуйиб олган ва 2 дона чизбургер тайёрлаган. Таом тайёрлаш жараёнида эса, бамайлихотир телефонда суҳбатини давом эттирган. Кузатув камералари ёрдамида олинган тасвирларда воқеа 18 мартда содир бўлганини кўриш мумкин. Аммо шаҳар полиция маҳкамаси бу тасвирни 6 апрелда эълон қилди.

«Гумондор шахс экспедитор ортидан кириб, унинг кетишини кутган. Сўнгра ресторан бўйлаб юрган ва таом тайёрлаб, бир шиша ичимлик билан бинони тарк этган», — деб маълум қилган Вашингтон полицияси расмийлари.

Жиноятчи ҳанузгача қидирилмоқда. Wayback ресторанлари тармоғи масаланинг ўзига хос ечимини таклиф этмоқда. Унга кўра, ўғри ўзини топширса, ресторан уни бир йил давомида бепул бургерлар билан таъминлайди.