Чикагода Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан шахмат турнири ўтказилди

Жамият 13 Апрель 2016 795

10 апрель куни АҚШнинг Чикаго шаҳрида истиқомат қилувчи ўзбеклар жамоаси ташаббуси билан Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан шахмат турнири ташкиллаштирилди.

Kun.uz мобил мухбирининг хабар беришича, ушбу мусобақада Чикаго ва атроф ҳудудларда яшовчи 9 ёшдан 63 ёшгача бўлган шахмат ишқибозлари иштирок этишган.

"Тадбирни Чикаго ўзбек жамияти етакчиси Олимжон Шарипов очиб берди. Тадбирда Ўзбекистондан келган журналист Жасур Ҳамроев ҳам иштирок этди. У тадбир ҳақидаги репортаж йиғиш билангина машғул бўлмасдан, ўзи ҳам шахматдаги маҳоратини синовдан ўтказди", дейди мухбир.

Турнир якунида биринчи ўринни Рустам Алиев эгаллади. Иккинчи ўрин Шаҳбоз Яҳёевга, учинчи ўрин эса турнирнинг ёши энг улуғ иштирокчиси Умар Отажоновга насиб этган.

Ғолибларга Чикаго ўзбек-америка ассоциацияси президенти Олимжон Шарипов томонидан совғалар топширилган.

Мусобақа давомида 9 яшар Фирдавс Давудов ёш бўлишига қарамай катта ёшлиларга қийинчилик туғдириб, кўпчиликнинг эътиборига тушди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Чикаго ўзбек мактабида ўқувчиларга шахмат ўргатилади. Фирдавс ҳам шахматни Чикаго ўзбек мактабида ўргангани айтилган.

Кўпроқ янгиликлар