«Атлетико» жамоаси бош мураббийи Диего Симеоне ЕЧЛнинг чорак финали жавоб учрашувлари доирасида «Барселона»га қарши кечадиган баҳс олдидан фикрларини билдириб ўтди.

«Атлетико» бўлиш - барқарорлик, ҳар қандай рақобатга тайёр туриш, қийинчиликларга қарши кураш ва ҳеч қачон таслим бўлмаслик деганидир. Биз ўзимиздан кучлироқ борлигини биламиз ва буни тўғри қабул қиламиз. Аммо яна шуни биламизки, биз «Барселона»га қарши тенгма-тенг ўйнай оламиз.

Биз бу рақибга қарши ўйинда янада кўпроқ ҳаракат қиламиз. «Барса»ни енгиш йўлини топиш ва уларни хафа қилиш йўлини топишга уринамиз.

Ўйин олдидан жамоадаги муҳит фантастик даражада. Мухлисларимиз ҳам ўйинга қаттиқ тайёрланишмоқда. Лекин бу билан «Барселона» футболчиларини довдиратиб қўямиз деб ўйламайман, улар бунга тайёр.

Кокенинг жамоадаги ўрни муҳим. У майдонни ҳаммадан яхши кўра олади. Кейинги вақтларда «Атлетико» тезкор футбол намойиш этмоқда, бу эса марказдаги ўйинчиларнинг меҳнатлари эвазигадир.

Фернандо Торрессиз ўйнаш вариантлари кўп (бу футболчи биринчи ўйинда қизил карточка олгани учун Мадриддаги баҳсни ўтказиб юборади - таҳририят). Масалан, унинг ўрнида Вьетто, Карраско, Гризманн кабилардан фойдаланиш мумкин… Кўрамиз, қайси режамиз иш бераркин», – дея фикрларини билдиради аргентиналик футболчи.