Қарши давлат университети математика кафедраси профессор-ўқитувчиси Шокир Давлатов мингйилликнинг олтинчи масаласига у топган ечим халқаро миқёсда тан олинмагунича, бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермоқчи эмас. Олимнинг ўзи бу ҳақда Uz24 нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

«Бу ҳақдаги хабар матбуотда овоза бўлиб кетишини хоҳламаган эдим. Ҳозирда илмий ишимни ўрганиш ва аниқлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Кашфиётни халқаро илмий ҳамжамият тан олганидан сўнг, мазкур ечим борасида тўлиқ маълумот бера оламан», — деди Шокир Давлатов.

Аввалроқ Қарши давлат университети ўқитувчиси Шокир Давлатов мингйилликнинг олтинчи масаласи ечимини топгани ҳақида хабар қилинган эди.

У мингйилликнинг олтинчи масаласи ечими препринтини «arXiv.org» сайтида эълон қилган эди. Хабар беришларича, унда Навье-Стокс масаласининг ягона равон ечими мавжудлиги исботланган.

Илмий иш рус тилида ёзилган, аннотациясининг инглиз тилидаги талқини мавжуд.