Машҳур футболчи Дэвид Бекхэмнинг ўғли Крузнинг қўшиқ куйлашини канадалик хонанда Жастин Биберга қиёслашмоқда. Крузнинг видеоси дизайнер ва Spice Girls гуруҳининг собиқ аъзоси Виктория Бекхэм томонидан инстаграмга жойлаштирилган.

Виктория видеога: “Супер ёқимтой Круз!” – дея изоҳ қолдириб, #мағрурона хештегини қўшимча қилган. Мазкур роликда Дэвид Бекхэм ва Викториянинг 11 ёшли ўғли рэпер Twista ва хонанда Фэйт Эванснинг “Hope” таронасини ижро этмоқда.

Круз мусиқа йўналишини танлайдими, йўқми, бу ҳозирча номаълум. Видеога ёзилган изоҳларда фойдаланувчилардан бири Круз ўз мусиқасини яратиши лозимлигини таъкидлаган, бошқалар эса уни Жастин Бибер давомчиси дея таърифлашган.

Бекхэмлар оиласида уч ўғил ва бир қиз фарзанд бор. Тўнғич ўғил Бруклин фотосуратлар ва моделлик бизнеси билан шуғулланади, 13 ёшли Ромео эса Burberry бренди билан ҳамкорлик қилмоқда, дея хабар беради Sky News.