Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилишида қатнашиш учун Ўзбекистонга келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Го Шэнкун билан учрашди.

Мулоқот чоғида ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Хитой муносабатлари турли йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Бунда икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналиши турли таҳдид ва хавф-хатарларга биргаликда қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни янада фаоллаштиришдан иборатдир. Ўзбекистон ва Хитой минтақада, дунёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, фуқаролар осойишталигини таъминлашга қаратилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётгани алоҳида қайд этилди.

Тадбирда терроризм, экстремизм ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида 2016-2017 йилларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида Протокол имзоланди.