Қорақалпоғистонлик Жонибой Кимсанов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 1981 йилда туғилган бўлишга қарамай, икки марта суднинг қора курсисига ўтириб улгурган. Кейинчалик автоҳалокатга учради. Жиддий жароҳат олиб даволанди. Оёққа тургач, боши оғришини баҳона қилиб ичкиликка ружу қўйди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Кунлардан бир кун жиянидан хабар олгани акасининг уйига борди. Дастурхонга ичкилик қўйилди. Жонибой тезда маст бўлиб қолди. Қоронғи тушганида мезбонлар билан хайрлашиб, ташқарига йўналди.

У йўлакдан ташқарига энди чиққан эди ҳамки, ўша уйда истиқомат қилувчи бир кампир унинг ичганини билиб, таъна қилади. Жонбойнинг жаҳли чиқади. Қандай қилиб у томон югургани, етиб олгач, белига тепганини эслай олмайди. Кампир йиқилганидан кейин ичкарига судраб кирди ва ...унинг ёши улуғлиги, онаси қатори эканлигини ҳам хаёлига келтирмай, чанг солди...

Дуч келган жойига аямай аламидан чиққунича уриб-тепди. Чарчади. Гандираклаганча йўлга тушди. Тўғри синглисининг уйига кириб борди. Ювиниш хонасига кириб, қонюқи бўлган кийимларини ювди. Шундагина воқеа жойида устидаги кийимини унутиб қолдиргани ёдига тушди, бироқ у ерга боришга юраги дов бермади.

Суд Жонибой Кимсановни ЖКнинг бир неча моддалари билан айбдор деб топди ва унга узил-кесил 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.