АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен Наманганга ташриф буюрди. Вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Х.Бозоров Памела Спратлен хоним билан ўзаро мулоқот олиб борди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берган.

Суҳбат аввалида вилоят раҳбари Наманганнинг бой тарихи ва бугунги тараққиёт йўли, иқтисодий салоҳияти, маданий обидалари ҳамда аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар, ёшларга берилаётган эътибор тўғрисида гапириб берди.

Спратлен хоним Ўзбекистонда, хусусан Намангандаги бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари таҳсинга сазоворлигини таъкидлаб, ёш авлоднинг таълим-тарбиясига қаратилаётган эътиборни алоҳида эътироф этди.

Мулоқот сўнгида Х.Бозоров меҳмонга эсдалик совғалари топширди.

Шунингдек, ташриф доирасида мартабали меҳмон вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, Наманган шаҳридаги «Дўстлик» академик лицейида «Access» лойиҳаси бўйича инглиз тилини ўрганиш курсида таҳсил олаётган талабалар билан учрашди ва Чуст шаҳридаги «Мавлоно Лутфулло Чустий» номли маданият ва истироҳат боғида миллий хунармандчилик (пичоқчилик, дўппидўзлик, миллий либослар ва ҳоказо) кўргазмалари, дорбозлик ўйинлари намойиши билан яқиндан танишди.